Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда биринчи синф ўқувчиларига тарқатилаётган "Президент совғаси" таркибидаги брелокни мактаб сумкасига белгиланган тарзда тақмаганлик учун педагогларга нисбатан жазо чораси қўлланилиши ҳақида хабар тарқалди.
Тарқалган видеода мактаб директорларига брелокни совға сумкасининг марказида белгиланган ҳолатда тақиш зарурлиги айтилган. Унда брелокнинг қийшиқ ёки ёнбош ҳолатда бўлишига йўл қўйилмаслиги ва бу масалани синф раҳбарлари орқали назорат қилиш сўралган.
Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати ушбу хабарларни асоссиз деб атаган. Қайд этилишича, брелокни сумканинг муайян жойига тақиш тавсия этилган, аммо бу тавсияга амал қилинмагани учун педагог ходимларга жазо қўлланилиши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Маълум қилинишича, 2026–2027 ўқув йилида биринчи синфга қабул қилинган ўқувчиларга "Президент совғаси" таркибида ўқув қуроллари билан бирга давлат герби ва байроғи акс этган махсус илгич — брелок ҳам қўшимча равишда берилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас