Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Непалда ўтган ҳафта содир бўлган вайронкор сув тошқинлари оқибатида уй-жой, инфратузилма ва бошқа мол-мулкка камида 387,5 миллиард непал рупияси, яъни тахминан 2,56 миллиард доллар миқдорида зарар етган. Бу ҳақда мамлакат Миллий офатлар хавфини камайтириш ва бошқариш бошқармаси раҳбари Дхарма Раж Упрети Reuters агентлигига маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, офатдан кейинги дастлабки тўрт ойлик тиклаш ишлари учун йўлларни барпо этиш, вақтинчалик бошпаналар ташкил қилиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва электр таъминотини тиклашга тахминан 52,6 миллион доллар талаб этилади.
Упрети келтирилган рақамлар дастлабки ҳисоб-китоблар эканини таъкидлаган. Унинг айтишича, зарар миқдори турли тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда баҳоланган, яқин орада эса батафсил ўрганиш ишлари ўтказилади.
Офат оқибатида вайрон бўлган ҳудудларда тахминан 20 мингта уйни қайта қуриш талаб этилади. Улардан камида 7,5 мингтаси бутунлай вайрон бўлган.
Сув тошқинларига 26 август куни Хитой билан чегарадош ҳудудда музликнинг қулаб тушиши сабаб бўлганди. Муз, тош ва лойдан иборат улкан оқим Тришули дарёси бўйлаб тарқалиб, шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, офат оқибатида Непалда 1 250 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 4 200 дан зиёд одам бедарак йўқолган, минглаб аҳоли эса ўз уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас