Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ҳарбий қисмлар ва муассасалар кутубхоналари 1 миллион нусхадаги миллий ва жаҳон адабиёти намуналари билан тўлдирилиши мумкин. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчилар учун айрим асарларни ўқиш мажбурий этилиши ва ҳарбий кутубхоналарда электрон ўқув заллари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳасига кўра, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия адабиётларни харид қилиш бўйича масъул буюртмачилар этиб белгиланади.
Вазирлик ва идораларга бир ой муддатда ватанпарварлик, фидойилик ва соҳавий йўналишдаги китоблар рўйхатини тасдиқлаш вазифаси юкланади.
Муддатли ҳарбий хизматчилар учун "Алпомиш" достони, "Бобурнома", "Ўтган кунлар" романи, шунингдек, Чўлпон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуфнинг сара асарларини ўқиш мажбурий бўлиши белгиланмоқда.
Китоб фондларини бойитиш билан бирга, ҳарбий кутубхоналарни рақамлаштириш ва уларнинг моддий-техник базасини янгилаш ҳам кўзда тутилган. Электрон ўқув заллари компьютер, сервер ва Wi-Fi ускуналари билан жиҳозланади. Шунингдек, электрон каталог ҳамда аудио ва мультимедиа ресурслари тизими жорий этилади.
Лойиҳа доирасидаги тадбирлар ва китоб хариди билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ҳамда унинг қўшимча манбалари ҳисобидан очиқлик ва рақобат тамойиллари асосида молиялаштирилиши режалаштирилмоқда.
Аввалроқ Президентнинг 2026–2027 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарори билан майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган йирик савдо марказларида китоб дўконлари очиш мажбурий этиб белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас