Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Самарқанд вилоятидаги маҳаллий ҳокимият органларида хорижий хизмат сафарларини ташкил этиш ҳолати ўрганилди. Натижада Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимлари томонидан давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилган сафарларга яқин қариндошлар ва соҳага алоқаси бўлмаган шахслар юборилгани фош этилди.
Хусусан, Хитойда профессионал фермерлар учун ташкил этилган семинарга Қўшработ тумани ҳокими Шакарбоев Дилшоднинг ўғли ва ҳайдовчиси хизмат сафарига юборилган.
Бундан ташқари, 32 кишидан иборат бошқа бир делегация таркибида ҳокимнинг турмуш ўртоғи ва бошқа мутасаддиларнинг яқин қариндошлари асоссиз равишда киритилган. Шунингдек, рўйхатдаги икки нафар шахс техникум ходими сифатида кўрсатилган бўлса-да, аслида у ерда ишламаслиги маълум бўлган.
Каттақўрғон туман ҳокимлигида ҳам инвестиция лойиҳалари баҳонасида сафарга алоқаси бўлмаган ходимларни хорижга юбориш ҳолатлари кузатилган. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадидаги сафарда Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддиновнинг ўсмир ёшдаги ўғли иштирок этган. Шунингдек, сафар мақсадларига бевосита алоқадор бўлмаган бошқа ходимлар ҳам делегация таркибига киритилган.
Давлат раҳбарининг тегишли фармони билан хизмат сафарлари ҳақидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш белгиланган бўлса-да, ушбу ҳокимликлар томонидан маълумотлар яшириб келинган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Агентлик коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишларни давом эттиришини ва жамоатчилик назоратини қўллаб-қувватлашини билдириб, фуқароларни коррупцияга дуч келганда 1253 қисқа рақамига мурожаат қилишга чақирган.
Бундан олдин ҳам айнан Самарқандда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти иқтидорли ёшларни четда қолдирилиб, ўз фарзандлари ва жиянларини давлат ҳисобидан хорижий саёҳатга юборган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхонов Самарқанд вилояти ММТБдаги эҳтимолий қонунбузарликларни текшириб, ўз фарзандларини хорижга юборган амалдорлар ишдан бўшатилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас