Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд шаҳрида ЙПХ ходимининг қўлини автомашина ойнаси орасида қисиб, уни тахминан 60 метр масофагача машина билан судраб кетган ва воқеа жойидан яширинган ҳайдовчи ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев маълум қилишича, ҳодиса жорий йилнинг 5 август куни соат 12:30 ларда Самарқанд шаҳридаги Регистон кўчасида содир бўлган.
Хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори йўл белгиси талабларини бузган Spark автомашинасини тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжатларини тақдим этишни сўраган. Бироқ ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабини бажармаган.
Шундан сўнг инспектор ҳужжатларни олиш мақсадида қўлини автомашина ойнаси томон узатган. Ҳайдовчи эса ойнани ёпиб, ходимнинг қўлини қисиб олган. Шундан кейин у автомашинани тахминан 60 метр масофагача бошқариб кетган ва воқеа жойидан яширинган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида ҳайдовчи ушланган. У содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, ЙПХ ходими ва унинг яқинларидан кечирим сўраган.
Ҳайдовчи ўз кўрсатмасида воқеа жойидан ваҳима ва қўрқув сабабли қочиб кетганини, оқибатлар бундай тус олишини хаёлига ҳам келтирмаганини айтган. Шунингдек, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Андижон шаҳрида тунги соатларда ЙПХ ходимларининг "Тўхташ" ишорасига бўйсунмай қочган Onix русумли автомашина дўконга бориб урилганди.

Изоҳлар мавжуд емас