Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Покистон ҳарбийлари Афғонистоннинг шимоли-шарқидаги Кунар вилоятига авиаҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида бир аёл ва икки эркак ҳалок бўлган, яна тўрт киши яраланган. Ҳодиса 21 сентябрь куни Нурғал туманида содир бўлган.
Tolo News хабар беришича, авиазарба айнан Нурғал туманидаги ҳудудга берилган. Ҳужум натижасида икки нафар аёл ва икки нафар эркак турли даражада жароҳат олган.
Шунингдек, Покистон ҳарбийлари Пактика вилоятидаги уй ва дўконга ҳам зарба берган. Мазкур ҳужумлар оқибатида у ерда ҳалок бўлганлар ёки яраланганлар ҳақида маълумот келтирилмаган.
"Толибон" ҳаракати вакили Забеҳулла Мужоҳид Покистон ҳарбийларининг ҳаракатларини қоралаган. У Афғонистон томонидан Покистонга "адекват жавоб' берилишини маълум қилган.
Авиаҳужум Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги Коҳат шаҳрида полиция участкасига қилинган ҳужумдан икки кун ўтиб содир бўлди. Мазкур ҳужумда худкуш террорист автомобиль ёрдамида портловчи қурилма ўрнатилган машинани полиция участкаси деворига уриб борган. Шундан сўнг у билан бирга бўлган қуролланган шахслар ўқ узган.
Коҳатдаги ҳужум оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Ҳозирча Покистоннинг авиаҳужумга доир ҳаракатлари юзасидан қўшимча тафсилотлар очиқланмаган. Покистон расмийлари ҳам ушбу ҳужум ҳақида изоҳ бермаган.
Икки давлат ўртасидаги можаро узоқ вақтдан бери давом этмоқда. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги 26 март куни мамлакат қуролли кучлари Афғонистон ҳудудидаги ҳарбий амалиётларни қайта бошлаганини маълум қилганди. Бу билан Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинган вақтинчалик сулҳ ўз ниҳоясига етди ва доимий оташкесимга бўлган умидлар пучга чиққан эди.
Ўшандан бери Кобул ва Исломобод ўртасида қисқа муддатли тўқнашувлар бўлиб турибди. Шу сабабли Покистон ва Ўзбекистон ўзаро савдо юкларини Хитой ҳудуди орқали ўтказишга келишиб олганди.

Изоҳлар мавжуд емас