Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ президенти Дональд Трамп Қуролли кучлар илтимосига кўра Вашингтонда қурилиши режалаштирилаётган Зафар аркасини ҳарбий мажмуага айлантиришга рози бўлганини билдирди. Унинг айтишича, объект миллий хавфсизлик мақсадларида кўп миқдордаги дронларни жойлаштириш, сақлаш ва тезкор қўллаш, шунингдек, снайперлар учун майдон сифатида фойдаланилиши мумкин.
Трамп 20 сентябрь куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилишича, снайперлар арканинг томида ва майдонида жойлаштирилиши, шунингдек, у ерда снайперлар учун катта миқдордаги ўқ-дорилар сақланиши мумкин.
Президентнинг таъкидлашича, ушбу иншоот Арлингтон мемориал кўприги олдидаги майдонда барпо этилади. У Вашингтонни Триумфал аркага эга бўлмаган йирик шаҳар ва пойтахтлар орасида ягона шаҳар сифатида кўрсатиб, режалаштирилаётган иншоот "энг буюги" бўлишини айтган.
Зафар аркасини қуриш ғояси Трамп томонидан АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан илгари сурилган. Иншоот Вашингтондаги Мемориал-сёркл ҳудудида, Линкольн мемориали ва Арлингтон миллий қабристони ўртасида, Арлингтон мемориал кўприги яқинида барпо этилиши режалаштирилган.
Режага кўра, арканинг баландлиги тахминан 76 метр бўлади. Шу тариқа у 1836 йилда қуриб битказилган ва баландлиги қарийб 50 метр бўлган Париждаги Зафар аркасидан баландроқ бўлиши кутилмоқда.
Лойиҳа атрофида суд жараёнлари ҳам давом этмоқда. Фахрийлар гуруҳи ва архитектура тарихи мутахассиси иншоот қурилиши учун АҚШ Конгресси розилиги талаб этилишини билдириб, судга мурожаат қилган.
Бундан ташқари, арканинг Рональд Рейган номидаги аэропортга яқин жойлашиши ҳам баҳсларга сабаб бўлмоқда. АҚШ Федерал авиация маъмурияти иншоот белгиланган хавфсизлик талабларига риоя қилинган ҳолда ҳаво қатнови учун хавф туғдирмаслигини билдирган. Виржиниядан сайланган конгрессмен Дон Бейер эса объектдан дронлар учириш режасини танқид қилган.
Олдинроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Нью-Мексико штати номини "Янги Америка" деб ўзгартириш ташаббусини илгари сурганди.

Изоҳлар мавжуд емас