Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиззах вилоятида йирик миқдордаги коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноят иши юзасидан суд ҳукми эълон қилинди. Жиноят ишлари бўйича Зомин туман суди Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими ва туман ҳокимлиги бош мутахассисини айбдор деб топган.
Тергов маълумотларига кўра, мутасаддилар тадбиркордан "Тўқчилик" маҳалласидаги аслида мактаб қурилиши учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уй қуришга рухсат бериш эвазига 30 минг доллар талаб қилишган. Ушбу маблағнинг 10 минг доллари 2025 йилнинг 5 июль куни, қолган 20 минг доллари эса 2025 йилнинг 8 июль куни бош мутахассис томонидан қабул қилиниб, рухсат берувчи ҳужжатлар тадбиркорга топширилаётган вақтда улар Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ушланган.
Суд ҳукмига кўра, собиқ ҳоким Жиноят кодексининг 167(Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 206 ( Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) , 210 ( Пора олиш) ва 229-4 ( Ер бериш тартибини бузиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, у 3 йил давомида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида жаримага тортилган.
Бош мутахассис эса Жиноят кодексининг 28 ( Жиноят иштирокчиларининг турлари) ва 210 ( Жиноят иштирокчиларининг турлари) моддалари билан айбланиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ҳамда 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Судланувчилар жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас