Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабида ўқувчини синфдошининг онаси калтаклагани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар Болалар омбудсмани назоратига олинди. Ҳолат юзасидан Бойовут тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Аниқланишича, 7 сентябрь куни мактабда таҳсил олаётган, 12 ёшли икки нафар қиз ўртасида дарс вақтида тортишув юзага келган. Эртаси куни қизлардан бирининг онаси мактаб маъмуриятига мурожаат қилмасдан, дарс жараёнида иккинчи ўқувчини чақиртирган.
Улар ўртасидаги суҳбат давомида вазият кескинлашган. Аёл вояга етмаган қизга нисбатан жисмоний куч ишлатиб, унинг бўйнини тирнаган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ўқувчининг соғлиғига етказилган зарар даражасини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Болалар омбудсмани вояга етмаган қизчанинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини назоратга олган. Ҳолат бўйича қўшимча маълумот берилиши билдирилди.
Аввалроқ Андижон вилоятида эркак 9 ёшли болани калтаклаётгани акс этган видео тарқалганди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳолатга аралашиб, эркакнинг шахсини аниқлаган ва уни ички ишлар бўлимига олиб келган. Ҳолат бўйича расмий изоҳ берилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас