Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Жиззахлик 19 ёшлик ўсмир йигит 100дан ортиқ ўзбекистонликнинг картасидан пулларни ўмариб, тотализаторга сарфлаган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Ушбу фирибгар тузоғига тушиб қолган Қўқон шаҳридаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишловчи фуқаро бу ҳақида Қўқон шаҳар ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилган.
“Телеграм мессенжери орқали «Пайнет Акция» номли каналда фуқароларга акцияда пул маблағи ютиб олдингиз деб алдаб, банк пластик карталар махфий кодларини қўлга киритиб, ўзига тегишли бўлмаган бошқа банк пластик карталари орқали фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пул маблағларини таваккалчиликка асосланган Интернет ўйинларига тикиб юборганлиги аниқланди”, -дея маълум қилмоқда ИИВ.
Олиб борилган тезкор суруштирув ишлари давомида фирибгар Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи 2002 й.т. фуқаро А.А. эканлиги аниқланиб, қўлга олинган. У 2017 йилдан буён юздан ортиқ фуқародан турли хил миқдордаги пул маблағни фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб келган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Гумондордан жабрланган фуқароларни аниқлаш бўйича қўшимча тадбирлар олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас