Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятида кўп квартирали уйларнинг бирида истиқомат қилувчи 37 ёшли эркак ва унинг аёл қўшниси ўртасида сув қудуғининг ноқонуний қурилиши ва бақир-чақир туфайли келиб чиққан низо мудҳиш жиноят билан якунланди.
Хонадони ёнида сабзи ювиш учун қудуқ кавлаётган эркак ўзига танбеҳ бериб, уни ҳақорат қилган қўшниси билан айтишиб қолган ва жaҳл устида аёлни қасддан ўлдириш мақсадида хонадонидан ошхона пичоғини олиб чиққан.
У аёлнинг орқа кўкрак қафаси соҳасига пичоқ билан икки маротаба зарба берган, оқибатда пичоқнинг тиғ қисми синиб, аёлнинг танасида қолиб кетган. Жиноий ҳаракатларини охирига етказиш учун қочмоқчи бўлган аёлни қувиб етиб, ерга йиқитган ва юзига урган қотилни воқеа жойидаги ёлланма ишчилар тўхтатиб қолишган.
Суд-тиббий экспертизаси аёлнинг ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати олганини тасдиқлаган ва мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судида кўриб чиқилган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми "ж" банди (ота-онаси ёки яқин қариндошлари, шунингдек хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш) билан айбдор деб топилган ва унга 15 йил mуддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Паркент туман судида фирибгарлик, ўзлаштириш ва одам ўлдириш каби оғир жиноятларни содир этган 41 ёшли эркакка нисбатан ҳукм ўқилди.

Изоҳлар мавжуд емас