Загрузка
Загрузка
Тармоқлардаги ваҳима асоссизми? Тошкент метрополитени ер усти йўлидаги "тирқиш" бўйича баёнот берди
Ҳодисалар

Тармоқлардаги ваҳима асоссизми? Тошкент метрополитени ер усти йўлидаги "тирқиш" бўйича баёнот берди

27
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенининг Ер усти ҳалқа йўли йўналишидаги "Қўйлиқ" ва "Роҳат" бекатлари оралиғида жойлашган эстакада конструкцияси гўёки емирилиб, хавфли ҳолатга келиб қолгани акс этган видеолар тарқалди. Ушбу видео материаллар қисқа фурсатда фойдаланувчилар ўртасида турли хавотир ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур вазиятга аниқлик киритиш мақсадида "Тошкент метрополитени" корхонаси расмий баёнот билан чиқди.

Метрополитен маъмуриятининг маълум қилишича, тарқалган видеолардаги очиқ кўриниб турган қисм конструкциядаги нуқсон, синиш ёки емирилиш эмас. Аслида бу эстакада лойиҳасига асосан сигнал ва алоқа кабелларини ўтказиш учун махсус кўзда тутилган технологик тешик (ўтиш қисми) ҳисобланади.

"Ушбу ҳолат метро поездлари ҳаракатига ҳамда эстакада конструкциясининг мустаҳкамлигига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди. Шу боис йўловчилар хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид йўқ ва хавотирга ўрин йўқ", — дейилади расмий ахборотда.

Шунингдек, транспорт корхонаси йўловчилар хавфсизлиги тизим учун энг устувор вазифа эканини, метронинг барча иншоотлари белгиланган тартибда мунтазам равишда техник кўрик ва назоратдан ўтказиб борилишини эслатиб ўтган.

Метрополитен раҳбарияти ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асоссиз ва ваҳимали хабарларни тарқатмасликни сўраган. Корхона амалдаги қонунчиликка кўра, аҳоли ўртасида саросима ва ваҳима уйғотувчи ёлғон ёки тасдиқланмаган маълумотларни тарқатганлик учун ҳуқуқий жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтмоқда.

Тошкент метрополитени ушбу ҳолатни техник жиҳатдан оддий технологик тешик деб тушунтирган бўлса-да, ривожланган мамлакатларда бундай вазиятларга нафақат хавфсизлик, балки шаҳар эстетикаси ва аҳоли билан очиқ мулоқот (PR) нуқтаи назаридан ҳам ёндашилади. Европа Иттифоқи ва Буюк Британия тажрибаси шуни кўрсатадики, инфратузилма объектининг техник жиҳатдан соз бўлишининг ўзи кифоя эмас, у ташқи кўринишидан ҳам хавфсизлик таассуротини уйғотиши шарт. 

Европа шаҳарсозлигида кўприк ва эстакадалар остидаги коммуникация узеллари, кабеллар ёки технологик тирқишлар ҳеч қачон "тартибсиз" ёки "очиқ" ҳолатда очиқ қолдирилмайди. Улар махсус композит панеллар, зангламас металл тўрлар ёки эстетик қопқоқлар билан беркитилади.  Ғарб стандартларга кўра, ҳар қандай технологик тешик атрофи геометрик аниқликда ва бетон увоқлари тўкилмайдиган қилиб ишлов берилиши лозим. 

Хусусан, Буюк Британияда йўл ва кўприкларни эксплуатация қилиш бўйича махсус давлат қўлланмаси мавжуд. Одамларда визуал стресс ёки қўрқув уйғотмаслик учун конструктив элементларнинг ташқи кўриниши ҳам назорат қилинади. 

Европа транспорт операторлари (масалан, Лондондаги TfL ёки Париждаги RATP) ижтимоий тармоқлардаги хавотирларга жавобан фуқароларни "ёлғон хабар тарқатиш"да айбламайди. Аксинча, аҳолининг бундай эътибори "фуқаролик назорати" сифатида рағбатлантирилади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг қонунчилигига кўра, йирик иншоотларнинг хавфсизлик кўрсаткичлари жамоатчилик учун очиқ бўлиши шарт. 

Гувоҳларнинг фикрича, Тошкент метрополитенидаги ҳолат расмий таъкидланганидек хавфсиз бўлиши мумкин эмас, чунки ундаги кабеллар ва очиқ тирқишнинг эстетик ва техник жиҳатдан тартибсиз кўриниши, атрофидаги сувоқларнинг ёрилиб кетгани, барибир йўловчиларда психологик ноқулайлик туғдираверади. Иссиқда кабеллар устудаги резинанинг эриши келажакда ўшимча хавфлар келтириб чиқармаслигига хеч ким кафолат бермайди.

Мазкур муаммони келгусида оддий декоратив панеллар ёки замонавий ҳимоя қутилари билан визуал ёпиш орқали осонгина ҳал этиш ҳамда тармоқлардаги ортиқча баҳсларга нуқта қўйиш мумкин. 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...