Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ вакилини қўлга олди. Пойтахт аэропортида амалга оширилган операция натижасида қизларни хорижга жинсий эксплуатация қилиш учун юборишга чек қўйилган.
Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ аъзоси қизларни алдов йўли билан ёллаб келган. Хусусан, 2002 йилда Бўстонлиқ туманида туғилган аёл тўрт нафар қизни ёллаб, улардан бирини ўзи билан бирга Дубай шаҳрига (БАА) олиб кетаётган вақтида Тошкент халқаро аэропортида тўхтатиб қолинган.
Ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисми "з" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Унга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган. Мазкур жиноят учун амалдаги қонунчиликда 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Олдинроқ ҳам Туркияга қизларни фоҳишаликка юбориш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас