Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. NASCAR Cup Series доирасидаги Jack Link’s 500 пойгасида мавсумнинг энг йирик аварияси содир бўлди. Talladega Superspeedway трассасидаги пойганинг 115-айланишида деярли бутун пелотон — жами 30 га яқин машина иштирокида авария юз берди.
Пойгачиларнинг аксарияти мусобақани эрта якунлашига сабаб бўлган ушбу ҳодиса техник жиҳатдан бир нечта машинанинг ўзаро туртиниши натижасида келиб чиққан.
Воқеа пойганинг 115-айланишида етакчилик қилаётган Бубба Уоллас ва унинг ортидан келаётган Росс Честейн ички қатордан ўрта қаторга ўтишган пайтда содир бўлган. Шу пайтда Джоуи Логано ўзидан олдинги Райан Блейнни "бамп-драфт" усулида тезлатгани туртилишга сабаб бўлган. Блейнининг зарбаси Честейнга, Честейнники эса Уолласнинг машинасига теккан.
Натижада Уолласнинг "Тойота"си айланиб кетиб, ташқи траекториядаги машиналар йўлини тўсиб қўйган. Авариядан фақат тўрт нафар пойгачи шикастланмасдан ўтиб кетишга муваффақ бўлган. Қувонарлиси, мазкур йирик тўқнашувда ҳеч қайси пилот жароҳат олмаган.
Пойга қайта тиклангач, Карсон Хосевар ўз фаолиятидаги илк ғалабани қўлга киритган. Кучли учликдан Крис Бушер ва Алекс Боуман жой олган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида HOWO русумли юк машинаси бошқарувни йўқотиши оқибатида тўртта автомобиль билан тўқнашганди. Аянчли йўл-транспорт ҳодисаси натижасида икки фуқаро воқеа жойида вафот этган, яна тўрт киши шифохонага ётқизилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас