Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан сўнгги 40 кун давомида пойтахтда хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида кенг кўламли тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. Натижада 924 та очилмаган жиноят фош қилиниб, 258 нафар қидирувдаги шахс ушланган.
Маълум қилинишича, тадбирлар бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ушбу даврда жами 2433 та тезкор-қидирув тадбири амалга оширилиб, 1658 та жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, 94 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилиб, оилаларига соғ-саломат қайтарилган.
Гиёҳвандликка қарши кураш доирасида 558 та жиноий ҳолат аниқланган. Ноқонуний муомаладан қарийб 15 килограмм гиёҳвандлик воситалари ҳамда 99 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари олиб қўйилган.
Шу билан бирга, гиёҳванд моддаларни яширин тарқатиш билан боғлиқ 23 та "закладка" ҳолати фош этилгани маълум қилинди.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш доирасида 483 та жиноий ҳолат аниқланиб, 518 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Тезкор тадбирлар давомида икки дона пистолет, тўққиз дона ов қуроли, 40 дона пневматик қурол ва 163 дона ўқ-дори далилий ашё сифатида олинган. Шунингдек, ҳуқуқбузарлардан 492 дона турли буюмлар, жумладан ўткир тиғли жисмлар ва кастетлар мусодара қилинган.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, кибержиноятчиликка қарши курашиш йўналишида ҳам ишлар кучайтирилган. Ҳисобот даврида 422 та кибержиноят фош этилган.
Ички ишлар органлари пойтахтда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича тезкор тадбирлар доимий равишда давом эттирилишини маълум қилган.
Олдинроқ Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда Марғилон шаҳри бўлими ходимлари томонидан тадбиркорнинг йирик миқдордаги минерал ўғитларни талон-торож қилган омборхона ходимлари фош этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас