Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти Балиқчи туманида Қорадарёда чўмилиш вақтида чўкиб кетган вояга етмаган ўсмирнинг жасади қидирув ишларидан сўнг топилган. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди.
Аввалроқ юқорида келтирилган ҳудудда 17 ёшлар атрофидаги ўсмирнинг жасади қутқарув хизмати ходимлари томонидан топилгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълум қилинишича, Балиқчи туманида яшовчи фуқаро 17 май куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, 2009 йилда туғилган фарзанди 16 май куни уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини билдирган ва уни топишда амалий ёрдам сўраган.
Шундан сўнг ҳолат юзасидан Балиқчи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, вояга етмаган ўсмир 16 май куни соат 15:30 атрофида тумандаги Сарнавул маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорадарёга ўртоқлари билан чўмилиш учун борган ва сувда чўкиб кетган.
Қидирув ишлари давомида унинг жасади 20 май куни Андижон–Наманган йўналишини боғлаб турувчи Қорадарё кўприги яқинидан топилган.
Прокуратура маълумотига кўра, ҳозирда текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда ва жараён вилоят прокуратураси назоратига олинган. Текширув якунларига кўра қонуний қарор қабул қилиниши билдирилган.
Шунингдек, масъуллар ота-оналарни ёз мавсумида болаларни қаровсиз қолдирмасликка ва рухсат этилмаган сув ҳавзаларида чўмилишга йўл қўймасликка чақирган.

Изоҳлар мавжуд емас