Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда Марғилон шаҳри бўлими ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувларда йирик миқдордаги минерал ўғитларни талон-торож қилиш ҳолатлари фош этилди.
Хоразм вилоятида кузатилган энг йирик ҳолатда бир компания раҳбари бошқа компания билан тузилган шартномага асосан ўз омборида сақлаш учун қабул қилган умумий баҳоси 16,6 миллиард сўмлик 5 441,7 тонна аммиакли селитра ўғитларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Худди шундай, Марғилон шаҳрида ўтказилган текширувда корхона омборхонаси мудири ҳам бир компания билан тузилган келишувга кўра сақловга олинган умумий қиймати 133,4 миллион сўмлик 46,6 тонна сульфат аммоний минерал ўғитларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси, яъни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор суриштирувлар натижасида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш баҳонасида маблағларни талон-торож қилиб келган йирик уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинганди. Мазкур жиноий схемада Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда бир нечта хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдор шахслари иштирок этгани аниқланган.

Изоҳлар мавжуд емас