Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 25 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги хусусий хонадонда ис газидан заҳарланиш оқибатида олти киши ҳалок бўлди, яна икки киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.
Бош прокуратура маълумотига кўра, фожиа қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хусусий уйда содир бўлган.
Дастлабки текширувда уйнинг ертўласига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермагани ва газ тармоғига тегишли техник шартларсиз, ўзбошимчалик билан улангани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатган.
Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Бош прокуратура иситиш мавсуми бошланиши муносабати билан аҳолини газ ва иситиш ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди. Шунингдек, газ жиҳозлари фақат малакали мутахассислар томонидан ўрнатилиши ва уларнинг техник созлиги мунтазам текшириб борилиши зарурлигини эслатди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 13 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги "Саманкўл" маҳалласида ҳам ис газидан заҳарланиш оқибатида бир оиланинг уч нафар аъзоси, жумладан, икки нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас