Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентдаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаларига шахсий телефонларига "Хавфсиз талаба" иловасини ўрнатиш таклиф қилинаётгани, айрим ҳолларда эса бу талаб мажбурий тарзда қўйилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Талабаларнинг айтишича, дастурни юклаб олмаганларга танбеҳ берилмоқда, айрим гуруҳларда эса илова ўрнатилмагунча дарслар тўхтатиб турилган.
Хусусан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларидан бири 3 ноябрь куни эрталаб университет киришида талабалар тўхтатилиб, иловани ўрнатиш сўралганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ушбу жараён сабаб дарсга кеч қолган айрим талабаларга давоматда йўқ деб белгиланган.
Шунингдек, машғулотлар вақтида аудиторияларга деканлар, уларнинг ўринбосарлари ва тьюторлар кириб, талабаларни дастурни ўрнатишга чақирган. Бундан бош тортганларга эса эътироз билдирилган.
Айрим хабарларда илова ўрнатмаган талабалар борлиги сабабли дарслар вақтинча тўхтатилгани ҳам айтилмоқда. Гуруҳдаги барча талабалар дастурни юклаб олмагунча машғулот давом этмаслиги ҳақида огоҳлантирилгани билдирилган.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар ҳақида хабар берган. Улардан бирининг айтишича, иловани ўрнатиш талаби қарийб икки ҳафтадан бери қўйилмоқда. 3 ноябрь куни ҳам бу талаб бутун гуруҳ олдида яна бир бор эслатилган.
Batafsil.uz билан суҳбатлашган, вазиятдан хабардор манбалар талабалардан ҳақиқатан ҳам иловани ўрнатиш сўралаётганини тасдиқлаган. Бу эса уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва эҳтимолий таҳдидлардан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳланмоқда.
Бироқ талабаларда шахсий телефонларга муайян дастурни ўрнатишни талаб қилиш қонунийми, бундан бош тортганларга нисбатан танбеҳ бериш мумкинми, деган саволлар пайдо бўлган.
"Хавфсиз талаба" иловасининг вазифалари жиҳатидан у амалдаги HEMIS тизимига маълум даражада ўхшайди. Ушбу тизим орқали талабалар дарс жадвали, ўқув жараёнига оид маълумотлар билан танишиши ва контракт тўловларини амалга ошириши мумкин. Янги илованинг асосий фарқларидан бири эса 102 рақами орқали фавқулодда хизматларга қўнғироқ қилиш имкониятидир.
Бу аввалги "Қўриқчи" иловаси билан боғлиқ вазиятни эслатади
Талабалар билан боғлиқ ҳолат аввалроқ Ўзбекистон аҳолисига APK Qo‘riqchi иловасини ўрнатиш таклиф қилингани атрофидаги муҳокамаларни ҳам эслатади.
2026 йил сентябрь ойида Тошкентнинг Миробод туманидаги маҳаллалардан бири аҳолиси профилактика инспекторлари билан учрашув ўтказилиши ҳақидаги хабардан хавотир билдирган эди. Тарқалган маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аҳолига телефонларига мазкур иловани ўрнатишда ёрдам бериш учун уларни ҳовлига йиғишни режалаштирган.
Учрашувда иштирок этиш ва дастурни юклаб олиш зарурлиги ҳақидаги талаб аҳолида шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича саволлар туғдирган.
Ўшанда Миробод тумани ҳокимлиги APK Qo‘riqchi иловасини ўрнатиш ихтиёрий эканини, учрашувлар эса ахборот-тушунтириш мақсадида ташкил этилаётганини билдирган.
Октябрь ойида эса ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги мактаб ўқувчиси билан боғлиқ видео тарқалган. Қиз уни Миллий гвардия ходимлари деб таништирган шахслар тўхтатиб, QR-кодни сканерлаш ва APK Qo‘riqchi иловасини ўрнатишни сўраганини айтган. Шундан сўнг уни телефон билан бирга суратга олишган.
Ушбу ҳолат ҳам иловани ўрнатиш қай даражада ихтиёрий бўлгани ва вояга етмаганларга бундай таклифлар қандай асосда берилаётгани ҳақида саволларни келтириб чиқарган. Ҳолат юзасидан расмий изоҳ берилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас