Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида кўп қаватли уй йўлагида мушукчага нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани тасвирланган видео тарқалгач, эркакка 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) бўйича маъмурий баённома тузилиб, ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига юборилган. Суд қарори билан унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса ҳақида 29 октябрь куни маълум бўлган эди. Тармоқларда тарқалган видеода эркак уй йўлагида мушукчани полга босиб, олдинги оёғини бураётгани акс этган. Кейинчалик ветеринарлар ҳайвоннинг билак суягида ёрилиш борлигини аниқлашган. 30 октябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ эркакнинг шахси аниқлангани ва суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас