Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзбекнефтгаз" жамияти собиқ раҳбари Баҳодиржон Сидиқов иши бўйича судланаётганлар рўйхати кенгайди. Олий суднинг электрон платформасидаги янгиланган маълумотларга кўра, мазкур ишда жами 25 нафар шахс судланувчи сифатида кўрсатилган. Улар орасида Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ҳам бор.
Аввалроқ Баҳодиржон Сидиқов билан бирга жами 9 киши судланаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ Олий суднинг суд ишлари бўйича электрон платформасида 2026 йил 24 июлдаги жиноят ишига оид янгиланган маълумотларда 25 нафар судланувчининг номи келтирилган.
Платформадаги маълумотларга кўра, Мубин Муҳидинович Мирзаевга Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а" банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 209-моддаси 2-қисми "а" банди (мансаб сохтакорлиги) бўйича айблов қўйилган.
Эътиборли жиҳати, Мирзаев жорий йил июль ойида бошқа жиноят иши бўйича ҳам судланган. Ўшанда Шайхонтоҳур туман суди уни Жиноят кодексининг 168, 205 ва 208-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, 8 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилган эди.
Сидиқов иши бўйича судланувчилар рўйхатида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлиги каби жиноятларда айбланаётган бошқа шахслар ҳам бор. Айримларига, шунингдек, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва бошқа моддалар бўйича айбловлар қўйилган.
Мазкур маълумотлар дастлабки терговда қўйилган айбловларни акс эттиради. Суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар шахслар айбсиз ҳисобланади.

Изоҳлар мавжуд емас