Загрузка
Загрузка
Тошкентда машҳур Human House арт-маконида ёнғин содир бўлди
Ҳодисалар

Тошкентда машҳур Human House арт-маконида ёнғин содир бўлди

13
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Тошкентдаги машҳур Human House арт-маконида ёнғин чиқди. Оқибатда арт-галерея ошхонаси тўлиқ ёниб кетган, олов қўшни Bagrationi кафесига ҳам тарқалиб, унинг ошхонасига зарар етказган. Бу ҳақда лойиҳа асосчиси Лола Сайфи маълум қилди.

Ёнғин 26 ноябрь куни Кичик Мирабод кўчасида жойлашган арт-макон ҳудудида содир бўлган. Сайфининг сўзларига кўра, олов галереянинг ўзи ва ички ҳовлисига зарар етказмаган. Бироқ энди жамоа ўз ошхонасини тиклаш билан бирга, ёнғиндан жабр кўрган қўшни кафе эгаларига ҳам ёрдам бериши керак.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлган бўлиши мумкин. Лола Сайфининг таъкидлашича, бинодаги электр симлари деярли тўлиқ янгиланган, фақат бузиб, қайта қуриш режалаштирилган эски ошхонадаги электр тармоғи алмаштирилмаган эди.

Ҳодиса туристик мавсум пасайган ва совуқ кунлар бошланиши арафасида содир бўлган. Жамоа эса тарихий бинога оид қарзларини яқинда тўлиқ узиб, уни реконструкция қилиш режаларини ишлаб чиқа бошлаган эди.

“Менга бу сўзларни ёзиш осон эмас. Мен бошқалардан ёрдам сўрашдан кўра, лойиҳалар ўйлаб топишга, ечим излашга ва одамларга ёрдам беришга кўпроқ ўрганганман”, — деб ёзди Лола Сайфи.

27 ноябрь куни Human House жамоаси ёнғин оқибатларини бартараф этиш, куйган конструкцияларни олиб ташлаш ва ҳудудни тозалаш ишларини бошлашни режалаштирган. Шундан сўнг мутахассислар билан биргаликда етказилган зарар миқдори ва тиклаш ишлари учун зарур харажатлар баҳоланади.

Ҳозирча зарарнинг аниқ миқдори ва иккала ошхонани қайта тиклаш қиймати маълум эмас. Шу муносабат билан Лола Сайфи тадбиркорлар, қурилиш компаниялари, архитекторлар, муҳандислар ва бефарқ бўлмаган фуқаролардан ёрдам сўради. Арт-маконга қурилиш материаллари, ошхона жиҳозлари, молиявий ва мутахассислар кўмаги зарур.

Шунга қарамай, Human House жамоаси режалаштирилган кўргазмалар, маърузалар ва маҳорат дарсларини бекор қилмаслик ниятида.

Маълумот учун, Human House 2000 йилдан буён фаолият юритади. Галерея 2017 йилда Тошкентда қайта очилган. Ҳозирда у билан 260 нафардан ортиқ ҳунарманд ва дизайнер ҳамкорлик қилади. Бу ерда кўргазмалар, таълимий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва хайрия акциялари ўтказиб келинади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...