Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни Фарғона вилоятини иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, инвестиция ва бандлик соҳаларида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар ҳамда 2027 йил учун устувор вазифалар белгиланди.
Йиғилишда вилоятда умумий қиймати камида 20 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон, Бешариқ ва Фарғона туманларида қарийб 1,5 минг гектар самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларида махсус саноат зоналарини ташкил этиш таклифи маъқулланди.
Фарғона шаҳрида кимё саноати корхоналарининг бўш турган 24 гектар майдонида инновацион технопарк ташкил этиш ва у ерга 300 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари доирасида корхоналарни жойлаштириш режалаштирилмоқда.
"Элтекссаноат" технопарки ҳудуди эса қўшимча 70 гектарга кенгайтирилиши, Данғара туманида унинг филиали очилиши мумкин.
2027 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини камида 10 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 9 фоизга ошириш, 6,1 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспортни 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Қишлоқ хўжалигида Фарғона, Қува ва Олтиариқ туманларида жами 37 минг гектар майдонда саноатлашган интенсив боғлар барпо этиш вазифаси қўйилган.
Шу билан бирга, вилоятда 100 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган йирик лойиҳаларни амалга ошириш, Боғдод ва Фурқат туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Туризм соҳасида Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида йирик туристик мажмуалар ташкил этиш, бир қатор туманларда замонавий дам олиш масканларини барпо этиш кўзда тутилган.
Аҳоли даромадларини ошириш бўйича 2027 йилда 1,1 миллион нафар фуқаронинг даромадини икки баробарга кўпайтириш мақсад қилинган. Бунинг учун маҳаллаларни саноат, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари ҳамда Учкўприк туманидаги тўртта техникумда фуқароларни Германия ва Жанубий Корея стандартлари асосида касбга тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди. Бу орқали ҳар йили 6 минг нафар фуқарони хорижда ишлаш учун тайёрлаш режалаштирилган.
Йиғилиш якунида Президент вилоят ҳокимлиги ва масъулларга белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича топшириқлар берди.
Аввалроқ Президент мамлакатнинг тоғ-кон, энергетика ва электротехника саноатини ривожлантириш режалари ҳақида маълум қилгани тўғрисида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас