Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайхш Нуриддин Холиқназар халқаро маслаҳатлашув учрашувида диний хулосаларни эълон қилиш учун ягона рақамли платформа яратиш, интернетда фатволарни тарқатиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва бу соҳада сунъий интеллектдан фойдаланиш тамойилларини белгилаш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу таклифлар Истанбулда Туркия Дин ишлари бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган фатво кенгашларининг халқаро маслаҳатлашув учрашувида билдирилган. Унда Қатар, Афғонистон, Болгария, Сомали, Мавритания, Яман, Фаластин, Сурия, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия, Индонезия, АҚШ, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар вакиллари қатнашган.
Учрашувда диний масалалар бўйича қарама-қарши талқинларнинг тарқалишини чеклаш, фатволарни ҳамкорликда тайёрлаш, ёшларни қизиқтираётган эътиқод масалалари, оила, зўравонлик, терроризм ва миграция муаммолари муҳокама қилинган.
Шайх Нуриддин Холиқназарл замонавий муаммоларга шариат меъёрлари ва мўътадиллик тамойилларига асосланган ҳолда жавоб бериш зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, интернетда асоссиз диний хулосалар тарқалишига қарши чоралар кўриш муҳимлигини қайд этган.
Ўзбекистон муфтийси илгари сурган ташаббуслар орасида тегишли фатво кенгашлари томонидан маъқулланган диний хулосаларни жойлаштирувчи ягона рақамли платформа ташкил этиш, интернетда фатволарни эълон қилиш тартибини ишлаб чиқиш, диний масалаларда сунъий интеллектдан фойдаланиш қоидаларини белгилаш ҳамда малакали ислом ҳуқуқшуносларини тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш бор.
Учрашув доирасида Ўзбекистон ва Туркия диний идоралари вакиллари икки томонлама музокара ҳам ўтказган. Томонлар зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги алоқаларни ривожлантириш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олган.
Шунингдек, Ўзбекистон Фатво марказининг тажрибаси тақдим этилган. Марказ Миср Фатво уйи томонидан таъсис этилган "Имом Қарафий" мукофотига сазовор бўлган.
Аввалроқ Туркий давлатлар уламолари Бокуда ягона фатво бериш ва глобал таҳдидларга қарши курашишга келишиб олганди.

Изоҳлар мавжуд емас