Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида эркак кишининг мушукка нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Ҳодиса 28 октябрь куни содир бўлган бўлиб, ҳолат бир нечта кузатув камералари томонидан қайд этилган.
Видеода подъезд эшиги ёпиқ бўлгани сабабли кўчага чиқа олмаган мушукни шу уйда яшовчи фуқаро тутиб олиб, бўға бошлагани кўринади.
Шунингдек, видеолавҳада эркак жониворга бошқа турдаги оғир жароҳатлар етказгани ҳам акс этган. Дастлабки маълумотларга кўра, мушукнинг эгаси бор.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) мувофиқ, ҳайвонларни шафқатсизларча қийнаш ёки уларга азоб бериш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ушбу қилмиш ҳайвоннинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса ёхуд худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса ва бу ҳайвоннинг ўлимига ёки майиблигига олиб келса, жиноий жавобгарликка, жумладан, БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача жарима, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилгача озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш жазосига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан видеоёзувлар орқали фуқаронинг шахсини аниқлаш ва уни тегишли жавобгарликка тортиш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда 15 июнь куни Тошкент шаҳри Миробод туманида номаълум шахс машина ойнасидан мушукни отиб юборган видео тарқалганди.

Изоҳлар мавжуд емас