Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди. Фуқаро ўз хонадонида яширин цех ташкил қилиб, тармоққа тўғридан-тўғри уланиб олган.
"Ҳудудгазтаъминот" компанияси ходимлари ва Бош прокуратура ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган рейд тадбирида Олмазор тумани Ҳуррият кўчаси "Гузарбоши" маҳалласида яшовчи фуқаронинг қонунбузарлиги аниқланган. Мазкур шахс ўз яшаш манзилида сумалак тайёрлаш цехини ташкил этиб, табиий газ тармоғига резина шланг ёрдамида ўзбошимчалик билан уланиб олган.
Аниқланишича, етказилган зарар миқдори 2 миллиард 442 миллион сўмни ташкил этади. Мазкур ҳолат бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. Ҳозирда республика бўйлаб табиий газдан фойдаланиш устидан назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, 2025 йил давомида Ўзбекистонда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 173 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган. Натижада давлат манфаатларига етказилган 1 триллион 667 миллиард сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас