Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сергели туманидаги автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериаллар тарқатиш ва келгусида шу каби роликларни чиқармаслик эвазига катта миқдорда пул талаб қилган шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Маълум бўлишича, блогер А.Ғоипназаров 2025 йил 15 декабрь куни тадбиркорлик субъектига оид салбий видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирган, шундан сўнг Demokrat.uz нашри раҳбари Ф.Меҳмонов ушбу материални ўчириш ва янгиларини эълон қилмаслик эвазига жабрланувчидан жами 50 000 доллар талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Ф.Меҳмонов жорий йилнинг 29 январь куни жабрланувчидан 3 000 доллар олиб, сўнгра 10 февраль куни яна 17 000 АҚШ долларини қабул қилаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан иккала шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми "а" банди (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ички ишлар органлари ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан 102 қисқа рақами ёки яқин атрофдаги ИИБ бўлимларига мурожаат қилишни сўрамоқда
Таъкидлаш жоизки, олдинроқ ҳам Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди "Халқпарвар гуруҳи" махсус мухбири Элёрбек Тожибоевга нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаганди. Журналист бир вақтнинг ўзида Жиноят кодексининг олтита моддаси билан айбдор деб топилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас