Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Россия фуқароси бўлган йигит ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Марҳумнинг яқинининг сўзларига кўра, фожиа кечки пайт содир бўлган ва йигит воқеа жойида олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Унинг айтишича, йигит соч олдириш учун уйдан чиққан бўлиб, кўп ўтмай қайтиши керак эди. Улар яқин кунларда йигитнинг ота-онаси билан учрашишни режалаштирган, аммо фожиа туфайли бу режалар амалга ошмай қолган.
Марҳумнинг яқини ҳайдовчи жуда юқори тезликда ҳаракатланганини тахмин қилиб, автомобилнинг йўл четидаги тўсиқлар ва бошқа объектларни вайрон қилгани ҳамда транспорт воситаси оғир шикастланганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, морг ходимлари йигит зарба оқибатида деярли бир зумда, ҳеч нарсани сезмай вафот этганини билдирган.
Шунингдек, у ҳайдовчининг отаси ўғли айбдор эмаслиги, у қарши йўналишга чиққан бошқа автомобил туфайли манёвр қилишга мажбур бўлганини айтганини маълум қилган. Бироқ бу ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.
Марҳумнинг яқини ижтимоий тармоқдаги мурожаатида воқеа юзасидан холис тергов ўтказилиши ва айбдор шахс қонун доирасида жавобгарликка тортилишини талаб қилган.
Олдинроқ Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Чўлдарахт кўчасида 6 ёшли боланинг ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас