Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини кучли иссиқ кунларида эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга чақирди. Вазирликка кўра, бундай об-ҳаво сувсизланиш, организмнинг қизиб кетиши, қон босими ўзгариши, юрак-қон томир тизимига ортиқча юклама тушиши ҳамда иссиқ уриши хавфини оширади.
"Ўзгидромет" маълумотларига кўра, ушбу дам олиш кунлари ва келаси ҳафта Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, аксарият ҳудудларда 41–43 даража, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 44–46 даражагача иссиқ бўлиши кутилмоқда.
Энг катта хавф гуруҳига 65 ёшдан ошганлар, чақалоқлар ва ёш болалар, ҳомиладор аёллар, шунингдек юрак-қон томир, қандли диабет, буйрак, нафас йўллари ва бошқа сурункали касалликларга чалинганлар киради. Қон босими, сийдик ҳайдовчи, аллергияга қарши ёки психотроп дори воситаларини қабул қилаётганлар ҳам эҳтиёткор бўлиши лозим.
Мутахассислар катталарга чанқашни кутмасдан кун давомида мунтазам сув ичишни (соғлом инсонлар учун кунига тахминан 2–3 литр), оч рангли ва енгил табиий матодан тикилган кийим кийишни, бош кийим, қуёшдан ҳимоя кўзойнаги ва кремдан фойдаланишни тавсия қилди. Овқатланишда сабзавот, мевалар, енгил таомлар, сут-қатиқ маҳсулотлари, товуқ ва балиққа устунлик бериш, ёғли ва оғир овқатлардан эса воз кечиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, энг иссиқ вақт — соат 11:00 дан 17:00 гача қуёш остида узоқ вақт бўлмаслик, зарур ҳолларда сояли йўлларни танлаш ва сувни оз-оздан тез-тез ичиб туриш тавсия этилган.
Вазирлик, шунингдек, болалар, кексалар ёки ҳайвонларни ёпиқ автомашинада қолдирмасликка чақириб, иссиқ уриши ёки аҳвол кескин ёмонлашганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозимлигини таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас