Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Марказий банк Солиқ қўмитасининг банклардан жисмоний шахсларнинг P2P ўтказмаларига оид маълумотларни олиш тартибини назарда тутувчи лойиҳаси юзасидан ўз позициясини билдирган. Унга кўра, бу тизим банк сирига таъсир кўрсатиши мумкин. Шундан сўнг Солиқ қўмитаси ҳам ушбу масала бўйича расмий муносабат эълон қилди.
Қўмита Марказий банкнинг банк сири ва P2P ўтказмалари мониторингига оид позициясига ҳурмат билан қарашини маълум қилган. Таъкидланишича, банклар билан ҳар қандай ахборот алмашинуви фақат қонун доирасида, банк сирини сақлаш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончини таъминлаш шартлари асосида амалга оширилиши лозим.
Қайд этилишича, Конституциянинг 41-моддасида банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сирининг қонун билан кафолатланиши белгиланган. Бу масалалар "Банк сири тўғрисида"ги қонун ҳамда Солиқ кодекси билан тартибга солинади.
Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ, банк мижозининг солиққа оид маълумотлари белгиланган тартибда солиқ органларига тақдим этилиши мумкинлиги, Солиқ кодексида ҳам банкларнинг ахборот тақдим этиш мажбурияти назарда тутилгани қайд этилган.
Айни пайтда Солиқ қўмитаси жисмоний шахслар ўртасидаги P2P ўтказмалари ўз-ўзидан солиқ солиш объекти эмаслиги ва бу фуқароларнинг шахсий пул ўтказмалари устидан оммавий назорат ўрнатилишини англатмаслигини таъкидлаган.
Қўмитага кўра, лойиҳадан кўзланган мақсад банклар билан хавфсиз, аниқ ва халқаро амалиётга мос ахборот алмашинуви механизмларини шакллантиришдан иборат. Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси якунланган бўлиб, келиб тушган барча таклифлар, жумладан Марказий банкнинг фикри ҳам ўрганилиб, шундан сўнг тегишли хулосалар чиқарилиши билдирилган.
Аввалроқ "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам ушбу қонун лойиҳасини кескин танқид қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас