Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари божхона органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида йирик яширин нарколаборатория фаолиятига чек қўйишди. Тезкор тадбир давомида Чилонзор туманида 30 ёшли шахс бошқарувидаги "Спарк" русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг салонидан 15 дона капсулада "Прегабалин" кучли таъсир қилувчи моддаси топилган.
Суриштирув ҳаракатлари давом эттирилиб, ушбу моддаларни етказиб берган 35 ёшли фуқаро ҳам қўлга олинган. Маълум бўлишича, ушбу шахс Чилонзор туманидаги хонадонлардан бирида яширин нарколаборатория ташкил этган. Хонадонни кўздан кечириш давомида у ердан 955 грамм ва 538 дона "Прегабалин", 227 грамм ва 28 дона "Тропикамид", 16 килограмм "Трилон-Б" моддалари, шунингдек, синтетик наркотиклар тайёрлашда фойдаланиладиган прекурсорлар ҳамда катта миқдордаги бўш капсула ва флаконлар мусодара қилинган.
Ҳозирда қўлга олинган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари тегишли идоралар томонидан ўтказилган бир ойлик тезкор тадбирлар давомида 4 та яширин нарколаборатория фош этилган, 1 та интернет наркодўкон раҳбари аниқланиб, қўлга олинган, Тожикистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда 1 та халқаро даражадаги тезкор амалиёт муваффақиятли ўтказилган.
Жиноий гуруҳлар ва яширин лабораториялардан жами 285 килограмм (855 минг доза) анъанавий наркотик моддалар, 410 минг дона психотроп дори воситалари ҳамда синтет маҳсулотларни тайёрлашга мўлжалланган 42 литр ноқонуний прекурсорлар мусодара қилинган.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу жиноий тармоқларнинг йиллик ноқонуний айланма ҳажми ўртача 2,6 миллион дона психотроп дори воситалари, 1,4 тонна гашиш ва опий сингари оғир заҳарли моддалар ҳамда 500 грамм синтетик наркотикларни ташкил этган.

Изоҳлар мавжуд емас