Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси 2026 йил 1 май ҳолатига кўра мамлакатдаги қурилиш соҳаси корхоналарининг солиқ қарздорлигига оид расмий маълумотларни очиқлади. Унга кўра, бугунги кунда қарздорлиги 100 миллион сўмдан юқори бўлган қурилиш корхоналари сони 1 973 тани ташкил этиб, уларнинг жами солиқ қарзи 2 триллион 967,9 миллиард сўмга (қарийб 3 триллион сўм) етган.
Эътиборли жиҳати, ушбу умумий маблағнинг 35,5 фоизи, яъни 1,1 триллион сўми солиқ қарзи энг юқори бўлган бор-йўғи 10 та йирик қурилиш компанияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Ҳудудлар кесимида солиқ қарзи миқдори бўйича Тошкент шаҳри мутлақ етакчилик қилмоқда, пойтахтдаги қурилиш корхоналарининг жами қарзи 958,3 миллиард сўмни ташкил этади.
Кейинги ўринлардан 666,1 миллиард сўм қарздорлик билан Андижон вилояти ҳамда 225,5 миллиард сўм билан Тошкент вилояти жой олган. Шунингдек, Бухоро вилоятида 185,7 миллиард сўм, Қашқадарё вилоятида 119,1 миллиард сўм ва Сирдарё вилоятида 100,9 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги қайд этилган. Қолган ҳудудларда, жумладан Навоий, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич 100 миллиард сўмдан паст экани кузатилади.
Республика бўйича энг йирик солиқ қарздори сифатида Андижон вилоятида рўйхатдан ўтган NEW BUILDING TRADE SERVIS компанияси қайд этилган бўлиб, унинг қарзи 364,8 миллиард сўмдан ошган. Топ-3 ликнинг кейинги ўринларини Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи TASH BUILDING компанияси (174,2 миллиард сўм) ҳамда AZIYA INVEST FAVORIT компанияси (138,6 миллиард сўм) эгаллаб турибди.
Шунингдек, юқори ўнталикдан TASH CONSTRUCTIONS HOUSE компанияси (101,9 миллиард сўм), TAMIRLASH QURISH SERVIS компанияси (72,5 миллиард сўм), STROY MONTAJ INVEST компанияси (54,9 миллиард сўм), AGRO ASIA TRADE SERVIS компанияси (39,4 миллиард сўм), USTA OBID BREND компанияси (37,3 миллиард сўм), йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудий солиқ инспекциясига қарашли GRAND ROAD TASHKENT компанияси (37,2 миллиард сўм) ва CENTRIS RO77 компанияси (31,9 миллиард сўм) жой олган.
Олдинроқ Ўзбекистон Президенти қурилиш соҳасида назорат самарадорлигини ошириш ва соҳани рақамлаштиришга қаратилган тақдимот билан танишиб, ҳозирда қурилиш объектларида видеокузатув камераларини ўрнатиш мажбурий эмаслиги соҳада тизимли назоратни чеклаётгани ҳақида маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас