Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентда бир йигит тозалаш хизмати ходимига тегажонлик қилгани учун маъмурий қамоққа олинган ва жаримага тортилган. Суд қарорининг нусхаси таҳририятимиз ихтиёрида мавжуд.
24 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида клининг хизмати ходимига тегажонлик қилган 24 ёшли йигитнинг иши кўриб чиқилган. Иш материалларига кўра, йигит қизга тозалаш хизматлари учун мурожаат қилган ва учрашув жойида пул эвазига жинсий алоқада бўлишни таклиф қилган.
Қўрқиб кетган қиз қочишга уринган, лекин йигит уни суратга олишни бошлаган ва кетишига тўсқинлик қилган. Агарда қиз унинг таклифини рад этса, бу суратларни тарқатиш билан таҳдид қилган.
Охир-оқибат қиз қочиб кетишга муваффақ бўлган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилган. ИИБга таклиф қилинганига қарамай, йигит чақирув бўйича бормаган.
Судда айбланувчи ўз айбини тан олган, тавба қилган ва ички ишлар идорасига бормаганини қўрқув билан изоҳлаган ҳамда жазони енгиллаштиришни сўраган. Суд уни жинсий шилқимлик ва ички ишлар идораси ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги учун тегишли моддалар бўйича айбдор деб топган. Унга беш кунлик маъмурий қамоқ ва 375 минг сўм жарима тайинланган.
Эслатиб ўтамизки, Тошкентдаги метрода жинсий шилқимликда айбланган эркак ҳам беш кунга қамалди.
Изоҳлар мавжуд емас