Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентда мобил телефон учун келиб чиққан можаро пичоқлашиш билан тугаган. Бу ҳақида Sevimli телеканалига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Тошкентлик бўлган 23 ёшли Умархон Анваров умрининг кейинги беш йилини панжара ортида ўтказади. Жабрланганга 13 марта пичоқ урган йигитга нисбатан ушбу ҳукм жиноий суд томонидан чиқарилган.
Суд жараёнида маълум бўлишича, жанжал мобил телефон устида келиб чиққан. Икки дўст қарзга олинган мобил телефонини бўлиша олишмаган. Можаро давомида Умархон Анваров дўстини (1994-йилда туғилган) ошхона пичоғи билан бир неча маротаба пичоқлаган. Жабрланувчи ғазабланган дўстининг ҳужумидан қочган бўлсада, у етиб олиб, бошлаган ишини давом эттирган.
Натижада жабрланувчи танасининг турли қисмларига 13 та санчувчи жароҳат олган. У тирик қолган, лекин ўта оғир аҳволда комада ётибди.
Судда Умархон Анваровнинг муқаддам судланмаганлиги ва қилмишидан афсуслигини инобатга олиб, Ёшлар Иттифоқи вилоят бўлими ва ўзини-ўзи бошқариш идораси унга белгиланган жазони юмшатишни суддан сўрашган.
Айбланувчи Жиноят кодекси 104-моддасининг 1-қисми (қасддан оғир тан жароҳатини етказиш)га мувофиқ айбдор деб топилган ва беш йилга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳлар мавжуд емас