Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) тезкор ходимлари Тожикистондан келтирилган йирик миқдордаги нашани кўлга олишди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Тожикистондан гиёҳванд моддалар Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кирилгани ҳақида маълумот ҳукуқни муҳофаза қилиш идораларига келиб тушган. Гиёҳванд моддалар Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги "Сарижар" қишлоғида яшириб қўйилган.
"Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, унинг натижасида 61 килограмм 838 грамм наша мусодара қилинган. Ҳозирда гиёҳвандлик моддалари эгасини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда", - дея маълум қилган Batafsil.uz мухбирига ҳуқуқ-тартибот идораси матбуот хизмати.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари гиёҳванд моддалар ташувчиларини аниқлаш ва ҳибсга олиш бўйича қатор рейдлар ўтказишган.
Шундай қилиб, Наманганда ўтказилган тезкор тадбир давомида Абдухалил Сабайдуллоев бошқарувидаги “Ласетти” автомобили тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган. Машинанинг юкхонаси кўрилганида 1,5 килограмм наша топилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, Қирғизистон Республикасининг "Акром" исмли фуқароси айланма йўллар орқали гиёҳвандлик моддаларни Янгиқўрғон туманига олиб кириб, "юк"ни ушбу туманнинг “Оқтом” маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳодир Комиловга топширган. У эса ўз ўрнида “юк”ни кейинчалик вилоят марказида қабул қилиши керак бўлган Абдухалил Сабайдуллоевга бериши керак эди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Баҳодир Комилов ҳам воқеа жойида қўлга олинган.
Таъкидлаш жоизки, Тўрақўрғон туманида яшовчи Абдухалил Сабайдуллоев (1964 йилда туғилган) 2016 йилда Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди томонидан гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун 12 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлиб, 2018 йилдан бошлаб жазони ахлоқ тузатиш ишлари шаклида ўтамоқда.
Шунингдек, Қирғизистон билан чегарадош Учқўрғон туманидаги Ёғду маҳалласида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Улуғбек Султонов (1991 йилда туғилган) тўхтатилган. Текширув давомида ундан 278 грамм наша ва 1000 доллар топилган. Маълум бўлишича, Султонов гиёҳванд моддаларни қирғизистонлик "Бахт" исмли одамдан олиб, республикамиз ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида яшовчи Акмал Ўринов(1987 йилда туғилган) бошқарувидаги “Ласетти" русумли автомашина Ғузор туманидаги ЙПХ постида тўхтатилган. Текширув давомида 506 грамм наша ва 236 грамм афюн топилган.
Маълум бўлишича, Ўринов гиёҳванд моддаларни тожикистонлик “Хуршид“ исмли фуқародан 4500 долларга сотиб олиб, кейинчалик Қарши шаҳрида сотиш учун мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб кирган.
Бундан ташқари, Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи Абдухамид Иминжонов (1991 йилда туғилган), Санжарбек Қосимов (1998 йилда туғилган) ва Азаматжон Улжаев (2002 йилда туғилган) Қирғизистон фуқаролари томонидан ушбу вилоятнинг "Уйғур" қишлоғи ҳудудидан ўтган ўзбек-қирғиз чегарасининг сим тўсиғи орқали ноқонуний улоқтириб ташланган 479 грамм нашани олиш пайтида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ушланган.
Жами тезкор тадбирлар давомида 64 килограмм 600 грамм наша ва 236 грамм афюн мусодара қилинган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас