Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент ва Фарғона вилоятларида иккита коррупциявий холатлар фош этилди. Жарима қўлламаслик эвазига минг доллар талаб қилган солиқ инспектори ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам беришни ваъда қилиб пул сўраган электр тармоқлари ходими жиноят иши айбланувчисига айланди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги "Чинни бозор" савдо комплексида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор дўконида ўтказилган солиқ текширувида қоидабузарликлар аниқланган.
Маълум бўлишича, тадбиркор савдо тушумларини расмий ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, мобил иловалар орқали шахсий банк картасига қабул қилиб келган. Шу орқали савдо айланмасини яширишга урингани маълум қилинган.
Тергов материалларига кўра, Зангиота тумани солиқ инспекциясининг бош инспектори тадбиркорга 160 миллион сўм жарима қўлланилишини айтган ва ушбу жазони бекор қилиб бериш эвазига 1000 доллар талаб қилган.
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ҳам коррупция билан боғлиқ ҳолат фош этилган. Электр таъминоти корхонаси муҳандиси тадбиркорга объектларга қуёш панеллари ўрнатиш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва техник шартнома олиб бериш эвазига 5 минг доллар сўраган.
У тегишли орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда талаб қилинган маблағнинг 1000 долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Олдинроқ Яшнобод тумани Кадастр бўлими бош инспектори маҳаллий фуқародан 2 минг доллар пора олган вақтида тезкор тадбир давомида ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас