Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Яшнобод тумани Кадастр бўлими бош инспектори маҳаллий фуқародан 2 минг доллар пора олган вақтида тезкор тадбир давомида ушланди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълум
қилишича, тезкор тадбир ДХХнинг Call-марказига келиб тушган мурожаат асосида Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Тергов маълумотларига кўра, бош инспектор ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро томонидан ноқонуний ўрнатилган енгил конструкцияли қурилмаларни буздирмаслик ва унга нисбатан жарима қўлламаслик эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган. У мазкур маблағни учинчи шахс орқали олаётган вақтида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бундан олдин ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида электр таъминоти соҳасидаги икки мансабдор шахс пора олаётган вақтда ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас