Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Солиқ қўмитаси 2026 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида юзага келган 573,1 миллиард сўмлик 129 та солиқ низоси аризаларини судгача ҳал этиш механизми орқали кўриб чиқди.
Кўриб чиқилган шикоятларнинг асосий қисми, яъни 439,1 миллиард сўмлик 91 таси бевосита солиқ аудити натижаларига, қолган 134 миллиард сўмлик 38 таси эса сайёр текширувларга тўғри келади.
Ўрганишлар натижасида 12,5 миллиард сўмлик 7 та мурожаат бўйича тадбиркорларнинг эътирозлари қисман асосли деб топилган ва уларнинг 6 тасида қабул қилинган қарорларга ўзгартиришлар киритилиб, 11,7 миллиард сўмлик қайта ҳисоб-китоб амалга оширилган. Шу билан бирга, 407,4 миллиард сўмлик 109 та шикоят юзасидан ҳудудий инспекциялар қарорлари қонуний деб топилиб, ўз кучида қолдирилган.
Ҳозирда 153,2 миллиард сўмлик яна 13 та мурожаат бўйича қўшимча текширувлар давом этмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, низоларни судгача кўриб чиқиш механизми тадбиркорларнинг ортиқча суд харажатларини камайтириш ва масалаларни тезкор ҳал этиш имконини бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда омонатларига оид ахборотларни солиқ органларига тақдим этиш тартибини белгиловчи низом лойиҳаси муҳокамага қўйилганди. Ушбу ҳужжат иқтисодчилар ва жамоатчилик ўртасида жиддий баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган эди.

Изоҳлар мавжуд емас