Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда омонатларига оид ахборотларни солиқ органларига тақдим этиш тартибини белгиловчи низом лойиҳаси муҳокамага қўйилганди. Ушбу ҳужжат иқтисодчилар ва жамоатчилик ўртасида жиддий баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.
Қарор лойиҳасида нималар кўзда тутилган?
Ҳужжатга кўра, солиқ маъмуриятчилигини кучайтириш ва "яширин иқтисодиёт"ни қисқартириш мақсадида бир қатор чоралар белгиланмоқда.
Хусусан, банклар мижозларнинг ҳисобварақлари очилиши, ёпилиши ва улардаги операциялар тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига электрон шаклда тақдим этади. Жисмоний шахснинг банк картасига бир ой давомида бошқа шахслардан (яқин қариндошлар бундан мустасно) базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 500 бараваридан (ҳозирги кунда бу 187,5 млн сўм) ортиқ маблағ келиб тушса, банк бу ҳақда солиқ органини хабардор қилади. Юридик шахсларнинг БҲМнинг 1000 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларнинг эса 500 бараваридан ошган операциялари ҳамда йирик миқдордаги нақд пул ечиб олиш ҳолатлари назоратга олинади.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътирозлари
Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу лойиҳани кескин танқид остига олиб, унинг Конституцияга зид эканини таъкидламоқда. Бакиров Конституциянинг 41-моддасига иқтибос келтириб, банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши қонун билан кафолатланганини эслатади.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, бу P2P операцияларини солиқ назоратига олиш бўйича сўнгги йиллардаги учинчи ёки тўртинчи уриниш бўлиб, аввалгилари жамоатчилик ва ҳатто айрим давлат идораларининг қаршилиги сабаб бекор қилинган эди.
Бакировнинг фикрича, бундай чоралар оқибат билан курашишга уринишдир ва у фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончини сусайтириши, яширин иқтисодиётни аксинча кучайтириши мумкин.
Жамоатчилик муносабати
Қарор лойиҳаси юзасидан қизғин муҳокамалар давом этмоқда. Жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Марказий банкнинг олдинги йиллардаги позициясини эслатиб, нима учун солиқ органлари яна шу масалага қайтаётганини савол остига олишмоқда. Иқтисодчилар Парламент, Адлия вазирлиги ва Марказий банкни ушбу ташаббуснинг ҳуқуқий асосларини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.
Ҳозирги кунда лойиҳа муҳокамада бўлиб, тизимни тўлиқ йўлга қўйиш учун Солиқ қўмитаси ва Марказий банкка махсус Bank-soliq модулини ишлаб чиқиш вазифаси юкланиши режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас