Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон бўйлаб 18–20 июль кунлари аномал иссиқлик даври кутилмоқда. Ўзгидромет мутахассислари томонидан эълон қилинган шошилинч огоҳлантиришга кўра, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 48 даража иссиқликкача етиб бориши мумкин.
Прогнозларга кўра, республиканинг аксарият ҳудудларида кундузги ҳарорат 43–45 даража атрофида бўлиши кутилаётган бўлса, жанубий вилоятлар ҳамда чўл ҳудудларида кўрсаткичлар 46–48 даражагача кўтарилади. Бундан ташқари, иссиқ ҳаво оқимлари билан бирга шамолнинг тезлиги сониясига 13–18 метргача, баъзи жойларда эса 20–22 метргача кучайиши хавфи мавжуд.
Об-ҳавонинг бундай кескин ўзгариши айрим туманларда чанг-тўзонлар ва қум кўчишларини келтириб чиқариши мумкин. Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли фуқароларга эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилмоқда.
Хусусан, аҳолидан кундузги пайтда, айниқса соат 11:00 дан 17:00 гача бўлган вақт оралиғида очиқ офтоб остида узоқ вақт қолмаслик, етарлича суюқлик ичиш режимига амал қилиш талаб этилади. Тиббий кўрсатмаларга асосан, болалар, кексалар ва сурункали касалликка чалинган шахсларнинг соғлиғига алоҳида эътибор қаратиш, зарурат бўлмаса ташқарига чиқмаслик тавсия этилади.

Изоҳлар мавжуд емас