Загрузка
Загрузка
Ўзларини "президент оиласига яқин шахс" сифатида танитган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари узоқ муддатга қамалди
Ҳодисалар

Ўзларини "президент оиласига яқин шахс" сифатида танитган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари узоқ муддатга қамалди

40
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Андижонда ўзларини гўёки "президент оиласига яқин ва таъсир доирасига эга бўлган шахслар" сифатида кўрсатиб, фуқаролар ва тадбиркорларни йирик миқдордаги маблағларга чув тушириб келган уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Batafsil.uz танишган суд ҳужжатларида ушбу гуруҳнинг найранглари ва мураккаб жиноий схемаси батафсил очиб берилган.

Тергов ва суд материалларига кўра, жиноий гуруҳга муқаддам ҳам фирибгарлик ва бошқа турдаги жиноятлари учун бир неча бор суд курсисига ўтирган сирдарёлик 44 ёшли шахс раҳбарлик қилган. У ўзаро келишув асосида гуруҳ аъзолари —  41 ёшли ва 42 ёшли андижонлик икки шахс ва 51 ёшли жиззахлик фуқароларга аниқ вазифаларни тақсимлаб берган.

Схемага кўра, гуруҳ раҳбари "мижозлар" қаршисида ўзини юқори доираларга, хусусан, "президент оиласига яқин шахс" қилиб кўрсатиши лозим эди. Гуруҳнинг қолган аъзолари эса пул эвазига ҳар қандай муаммони ҳал қилиб бериш ваъдаси билан "мижоз" излаш соҳасига масъул бўлишган. Масалан, бир айбланучи навбатдаги ўлжани топгач, унинг муаммосини фақатгина "катта одам" — гуруҳ раҳбари орқали ҳал этиш мумкинлигини айтиб, ишончига кирган ва тўғри раҳбарнинг ҳузурига етаклаб борган.

Уюшган гуруҳ мана шу пухта ўйланган сценарий асосида бир нечта йирик эпизодларни амалга оширган. Хусусан, 2021 йилнинг баҳорида гуруҳ аъзолари бир фуқарони Асака туманидаги "Кўприклардан мунтазам фойдаланиш" корхонаси раҳбарлигига тайинлатиб қўйишни ваъда қилиб, ундан 25 минг доллар талаб қилишади ва 10 минг долларини олдиндан беришни сўрашади. Суҳбат давомида гуруҳ раҳбари ўзининг сохта обрўсидан фойдаланиб, агар пул берилмаса, жабрланувчи ва унинг оиласи учун бунинг оқибати яхши бўлмаслигини айтиб таҳдид қилади. Қўрқиб кетган фуқаро ўз Captiva машинасини 10 минг долларга сотиб, пулни уларга топширишга мажбур бўлади.

2022 йилнинг декабрида эса гуруҳ навбатдаги катта ўлжани нишонга олади. Улар хориждан поезд ва вагонлар учун эҳтиёт қисмлар импорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорнинг ишончига киришади. Унга "Ўзбекистон темир йўллари" жамияти билан 280 миллиард сўмлик йирик шартнома расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан бўлиб-бўлиб, жами 119 500 долларни ундириб олишади. Бундан ташқари, 2023 йилнинг февралида худди шу тадбиркорга Toyota Land Cruiser 200 русумли автомобилни 75 минг долларга сотишни ваъда қилиб, олдиндан яна 45 минг доллар ундиришади.

Кейинчалик фирибгарларнинг навбатдаги қурбони чет эллик- қурилиш фирмасига эга бўлган Россия фуқароси бўлди. Фирибгарлар раҳбари чет эллик тадбиркорга ўзини яна ўша машҳур қиёфада таништириб, Янги Тошкент ҳудудида гўёки ўз эгалигида бўлган ер майдонлари борлигини айтади. У ерда биргаликда кўп қаватли уйлар қуриб, улкан фойда кўришни ваъда қилган гуруҳ, ҳужжатлаштириш ва рухсатнома олиш харажатлари учун 100 минг доллар сўрайди. Содда тадбиркор харажатлар учун олдиндан 40 минг долларини бериб қўяди.

Жиноий гуруҳ қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларини ҳам четлаб ўтмаган. 2025 йилнинг февралида Хоразм вилояти Гурлан туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбарига ер майдонларини қайтариб олиш бўйича давом этаётган суд ишини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, 14 минг долларини шилишади. Шу тумандаги яна бир фермерга эса ер майдони ихтисослигини пахтачиликдан шоличиликка ўзгартириб бериш эвазига 44 минг долларни қўлга киритишади.

Гуруҳ аъзолари ушбу фирибгарлик ва товламачилик йўли билан топган барча маблағларини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишган.

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судининг 2026 йил 12 мартдаги ҳукми билан мазкур жиноий гуруҳ аъзоларининг қилмишларига ҳуқуқий баҳо берилган. Судланувчилар Жиноят кодексининг товламачилик, фирибгарлик, фирибгарликка суиқасд ва пора бериш каби бир қатор моддалари билан айбдор деб топилди.

Суд қарорига кўра, уюшган жиноий гуруҳ раҳбарига ўзининг аввалги ўталмаган жазо муддатлари қисман қўшилган ҳолда, узил-кесил 10 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Жиноий шериклар бўлган қолган тўрт нафар судланувчига эса содир этган қилмишларининг оғирлик даражасига кўра, узил-кесил 10 йил 2 ойдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Мазкур беш нафар маҳкум жазони умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлган.

Гуруҳнинг яна бир аъзоси фирибгарлик содир этганликда айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари (150 миллион сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган. Бироқ унинг тергов давомида қамоқда сақланган 256 куни ҳисобга олиниб, жарима муддатидан чегирилди ва узил-кесил 102 миллион сўм жарима жазоси қолдирилди. Ушбу судланувчига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан дарҳол озод этилган.

Суд жараёнида жабрланувчиларга етказилган йирик миқдордаги моддий зарарларни ундириш тартиби ҳам белгилаб берилди. Унга кўра, биринчи эпизоддаги фуқаро фойдасига етказилган зарарнинг қопланмаган қисми — 9000 доллар (109 221 840 сўм) уч нафар судланувчидан солидар тартибда ундирилади.

Иккинчи эпизоддаги тадбиркорга етказилган 45 000 доллар зарар тўлиқ қопланган бўлса, унинг кейинги лойиҳасидаги қопланмаган 116 000 доллар (1 407 748 160 сўм) зарар уч нафар судланувчи зиммасига солидар тартибда юклатилган.

Россиялик тадбиркор фойдасига 40 000 доллар (485 430 400 сўм) миқдоридаги маблағ икки нафар асосий судланувчидан солидар тартибда ундириладиган бўлган.

Гурланлик фермерларга етказилган зарарларнинг қопланмаган қисми, яъни бир ҳолат бўйича 24 400 доллар (271 863 424 сўм) уч нафар судланувчидан, иккинчи ҳолат бўйича эса 14 000 доллар (169 914 500 сўм) икки нафар судланувчидан солидар тартибда ундирилиши белгиланган.

Жиноий гуруҳдан жабр кўрган яна бир қатор фуқароларнинг эса етказилган зарарлар тўлиқ қоплангани ҳақидаги аризалари суд томонидан инобатга олинган. Тарафлар ўртасидаги телефон сўзлашувлари ёзилган баённомалар ва бошқа ҳужжатлар махфий бўлганлиги сабабли, улар ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг махфий сейфида сақланиши белгиланган. Кейинчалик олиб борилган апелляция суди жараёнида ҳам дастлабки суд ҳукми тўғри деб топилиб, жазо қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...