Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фаластин футбол ассоциацияси Исроилнинг Ғазодаги уруши сабабли тўхтаб қолган спорт мусобақалари ва футбол лигаси жорий йилнинг 4 сентябридан эътиборан қайта бошланишини маълум қилди. Ташкилот президенти Жибрил Ражуб бу қарорни Рамалоҳдаги матбуот анжуманида тақдим этди.
Хорижий манбаларга кўра, томонидан уруш давомида ҳалок бўлган 1 014 нафар фаластинлик спортчи хотирасига бағишлаб қайта тикланаётган илк турнир "Минг шаҳид кубоги" деб номланган. Мусобақада 200 дан ортиқ клуб, жумладан, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидан 146 та, Ғазо секторидан 44 та ҳамда Ливандаги фаластинлик қочқинлар лагерларидан 36 та жамоа иштирок этади.
Турнир ўйинлари бир вақтнинг ўзида ушбу учта ҳудудда старт олади. Матбуот анжуманида Жибрил Ражуб уруш туфайли юзага келган оғир молиявий ва ижтимоий шароитларга қарамай, спорт фаластинликлар учун умид ва ҳаёт рамзи бўлиб қолишини таъкидланган.
Шунингдек, у ФИФА ва бошқа халқаро федерацияларни фаластинлик спортчиларнинг эркин ҳамда шарафли тарзда спорт билан шуғулланиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва Исроил клубларига нисбатан тегишли санкциялар қўллашга чақирган.
Олдинроқ Amazon асосчиси Джефф Безос иштирокидаги консорциум Англиянинг "Ливерпуль" футбол клубининг учдан бир қисмини сотиб олишини маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас