Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Грузиядаги Гомисмта тоғ курорти яқинидаги дарага микроавтобус қулаши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, яна 15 киши жароҳат олди. ЙТҲ 12 август куни кечқурун Гурия минтақасида содир бўлган. Жабрланганлар орасида олти нафар вояга етмаганлар бор.
Микроавтобусда Беларусдан ташриф буюрган 19 нафар сайёҳ бўлган. Грузия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳайдовчи транспорт воситасини хавфсиз бошқаришни таъминламаган, шу сабабли у йўлдан чиқиб кетган ва дарага қулаган. Ҳайдовчи, Грузия фуқароси, тирик қолган ва жиддий жароҳат олмаган.
Тўрт нафар жабрланувчи Озургети ва Чохатаури касалхоналарига олиб кетилган, яна 11 киши Батуми Республика касалхонасида. Икки нафар жабрланувчи жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бош шифокорнинг сўзларига кўра, уларнинг ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқ.
Ҳодиса юзасидан грузиялик ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноий иш қўзғатди. Айбдор ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Микроавтобус ҳайдовчиси қўлга олинди. Беларуснинг Грузиядаги элчихонаси жабрланганларга консуллик ёрдами кўрсатмоқда, Беларус консули эса воқеа жойига жўнаб кетди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида юк машинаси ва Chevrolet Captiva иштирокида содир бўлган ЙТҲда уч киши ҳалок бўлганди. Катта юк машинаси бурилишни амалга ошираётганда, унга енгил машина келиб тўқнашди. Зарба юк машинасининг ёнишига сабаб бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас