Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар ҳокими "Пахтакор" футбол клубининг харажатлар сметасини молиялаштириш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратиш тўғрисида тегишли қарорни қабул қилди. Ушбу маблағ Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан йўналтирилиши белгиланган.
Қарорга мувофиқ, шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда Муниципал активларни бошқариш марказининг клуб харажатларини қоплаш бўйича таклифи маъқулланган.
Ҳужжатга кўра, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Худайбергеновга 5 миллиард сўм миқдоридаги маблағни "Пахтакор" футбол клубига ўтказиб бериш юзасидан "Тошкент Инвест компанияси" кузатув кенгашига тегишли таклиф киритиш вазифаси юклатилган.
Олдинроқ Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Пахтакор" футбол клуби билан ҳамкорликни расман тўхтатишини маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас