Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 11 та профессионал футбол клубини тадбиркорлар ва тадбиркорлар гуруҳига ишончли бошқарувга бериш бўйича танлов эълон қилинади. Танловда клубнинг йиллик харажатларининг камида 20 фоизини ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қоплашга тайёр тадбиркорлар иштирок этиши мумкин.
Бу Президентнинг 2026 йил 24 мартдаги спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилишга қаратилган қарори асосида амалга оширилади.
Ишончли бошқарувга бериладиган клублар рўйхатига "Бунёдкор", "Бухоро", "Динамо", "Қизилқум", "Навбаҳор", "Насаф", "Нефтчи", "Локомотив", "Машъал", ОКМК ва "Пахтакор" киритилган.
Клубларни бошқарувга олган тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар берилади. Жумладан, клубни молиялаштиришга йўналтирилган ҳомийлик маблағлари миқдорига солиқ солинадиган фойдани 10 фоизгача камайтириш мумкин.
Шунингдек, футболчилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади, улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.
Тадбиркорларга клубларни сотиб олиш, спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш учун тижорат банклари орқали кредит олиш имконияти ҳам яратилади. Кредитлар 1 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга, йиллик 14 фоиз ставкада ажратилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, клубни бошқарувга олган тадбиркорлар ўз маҳсулот ва хизматларини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги марказий ва ҳудудий телеканалларда спорт трансляциялари вақтида 50 фоизлик чегирма асосида реклама қилиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас