Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги мактабгача таълим ташкилотида беш ёшли болага нисбатан эҳтимолий жинсий зўравонлик содир этилгани юзасидан хизмат текшируви натижаларини қайта кўриб чиқишни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан талаб қилди. Тегишли тақдимнома жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қўлга олинганидан 10 кун ўтиб юборилган.
Болага нисбатан зўрлаш ҳолати юзасидан жиноят иши 12 сентябрь куни Учқўрғон тумани ИИБ тергов бўлинмаси томонидан қўзғатилган. Шу куни гумонланувчи ушланган ва суд томонидан унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов давом этмоқда.
Омбудсманнинг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимномаси 22 сентябрь куни юборилган. Унда хизмат текшируви натижаларини танқидий қайта кўриб чиқиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда масъул ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш талаб қилинган.
Шунингдек, воқеа қандай шароитда содир бўлгани масаласи ҳам алоҳида кўтарилган. Омбудсман ҳодисага олиб келган сабаб ва шароитларни бартараф этиш, мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш ҳамда болалар хавфсизлигини таъминлашнинг ички механизмларини қайта кўриб чиқишни талаб қилган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда иш бўйича янги тафсилотлар тарқалган эди. Жумладан, воқеа вақтида бола назоратсиз қолгани, шунингдек, ҳодисадан кейин оилага босим ўтказилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқатилган. Бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.
Омбудсман хабарида дастлабки хизмат текшируви давомида айнан қандай камчиликлар аниқлангани ва қайси ходимлар жавобгарликка тортилиши мумкинлигига аниқлик киритилмаган.
Вазирлик Болалар омбудсманига кўрилган чора-тадбирлар ҳақида 15 кун ичида ҳисобот тақдим этиши ва унга тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини илова қилиши керак.

Изоҳлар мавжуд емас