Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонлик футболчи Ислом Тошпўлатов ва Тожикистоннинг "Хўжанд" футбол клуби ўртасидаги шартномавий низо сабабли Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) мазкур клубга нисбатан яқин учта трансфер ойнаси учун тақиқ жорий этди. Бунга футболчининг контракт бекор қилинганидан сўнг ташкилотга йўллаган расмий шикояти асос бўлган.
Тошпўлатов ўз аризасида жароҳат олган даврида клуб раҳбарияти уни мажбуран машғулотларга ва ўйинларга жалб қилганини даъво қилиб, жамоадан 13 минг доллар ундиришни талаб қилган. Бироқ ФИФА суриштирувлари давомида айбловларнинг бир қисми ўз тасдиғини топмагани сабабли, ташкилот "Хўжанд" клуби зиммасига футболчига 6,5 минг доллар миқдорида қарздорликни тўлаш мажбуриятини юклаган.
"Хўжанд" клуби раҳбарияти мазкур вазият юзасидан баёнот бериб, Ислом Тошпўлатов олдидаги молиявий қарздорлик яқин кунларда тўлиқ қопланишини маълум қилган. Клуб мутасаддилари маблағ тўланганидан сўнг ФИФА томонидан қўйилган трансфер бани юмшатилиши ёки бутунлай бекор қилинишига умид билдирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас