Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 7 июль куни эрталаб Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги тоғли ҳудудда ноқонуний равишда тилла қидириб, чуқурликка тушган уч нафар фуқаро тупроқ остида қолиб кетди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари ва маҳаллий аҳоли томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида жабрланувчиларнинг барчаси соғ-саломат қутқариб олинган ва шифохонага етказилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса тонгги соат 04:22 атрофида Хатирчи тумани "Ангидон" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қуврай қишлоғининг тоғли ҳудудида юз берган. Тўрт нафар фуқаро ушбу жойга яширинча олтин қазиб олиш мақсадида борган ва улардан уч нафари ўзлари қазиган хавфли чуқурликка тушган вақтда тупроқ кўчиб кетган. Кон ташқарисида бўлган тўртинчи шериги вазиятни кўриб, зудлик билан яқин атрофдаги одамларни ҳамда вилоят ФВБ навбатчилик қисмини ёрдамга чақирган.
ФВБ қутқарув отрядлари воқеа жойига етиб келгунига қадар, маҳаллий аҳоли ва ташқарида қолган фуқаро кўмагида тупроқ остидаги бир киши чиқариб олинган. Қудуқда қолган яна икки нафар фуқаро эса ҳодиса жойига етиб келган махсус қутқарувчилар томонидан хавфсиз юзага олиб чиқилган. Айни пайтда қутқарилган шахсларнинг аҳволи назоратга олиниб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Олднроқ Олмазор туманидаги қурилишда хавфсизлик қоидалари бузилиши сабабли ишчини бетон плита босиб қолганди.

Изоҳлар мавжуд емас