Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятида Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида ўтказилган 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган йиғилишда дизель ёқилғиси ва мазут ишлаб чиқариш ҳажмлари бажарилмагани қаттиқ танқид остига олинди. Унда мазкур қолоқликка дунёдаги геосиёсий вазият туфайли хомашё импортининг чеклангани асосий сабаб бўлгани таъкидланиб, масъулларга йил якунига қадар кўрсаткичларни мажбурий бажариш вазифаси юкланди.
Режадан ортда қолиш ҳолати юзасидан ҳар томонлама чуқур таҳлил ўтказиш ва газ қазиб чиқариш ҳамда қайта ишлаш кўрсаткичлари пасайишига йўл қўйган барча раҳбарлардан расмий тушунтириш хатлари олиниши белгиланган. Бошқарув раиси куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, об-ҳаво ноқулайликларига қарамай объектларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва автобензин ҳамда ёқилғи-мойлаш материаллари захирасини олдиндан яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни жадаллаштириш тўғрисида қатъий топшириқ берган. Шунингдек, газ қазиб чиқариш соҳасида тугатилган қудуқлар фондини қайта таҳлил қилиш, техник имконияти мавжудларини қайта ишга тушириш ва ҳар бир қудуқнинг иш кўрсаткичини соатбай мониторинг қилиш вазифаси қўйилган.
Ишлаб чиқаришдаги ушбу муаммоларга қарамай, жамият биринчи ярим йилликда молиявий соғломлаштириш йўналишида ижобий кўрсаткичларга эришганини қайд этган. Хусусан, компаниянинг қарз елкаси 3,1 баробардан 2,7 баробаргача пасайтирилган, юқори фоизли кредитларни қайта молиялаштириш ҳисобига 219 миллиард сўм тежалган ва дебиторлик қарздорлиги 1,2 триллион сўмга қисқартирилган.
Компания таркибидаги 14 та нефть базаси ҳам рақамлаштириш ва самарали бошқарув тизими туфайли ўтган йилги зарардан чиқиб, давр ниҳоясини 5,4 миллиард сўм соф фойда билан якунлаган. Йиғилиш якунида Хитой ҳамкорлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда йил якунига қадар ишчилар учун 26 та ётоқхона ва 17 та вагон уйини таъмирлаш бўйича масъулларнинг шахсий жавобгарлиги кучайтирилган.
Эслатиб ўтамиз, Миллий статистика қўмитаси 2026 йилнинг июнь ойи учун Истеъмол нархлари индекси бўйича расмий ҳисоботини эълон қилганди. Унга кўра, июнь ойида электр, газ, кўмир ва ёқилғи нархлари сезиларли даражада ошган.

Изоҳлар мавжуд емас