Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтаётган футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатининг 1/8 финал учрашувлари қизғин палласига кирди. Дастлабки нимчорак финал баҳслари натижаларига кўра, мусобақанинг илк чорак финалчилари номи маълум бўлди. Турнир 19 июлга қадар давом этади.
Хьюстонда бўлиб ўтган баҳсда Марокаш терма жамоаси Канада устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришиб, ЖЧ-2026нинг илк чорак финалчисига айланди. Марокашликлар таркибида Аззедин Унаи (50 ва 82-дақиқалар) дубль қайд этган бўлса, Суфьян Раҳимоний ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда (90+8-дақиқа) якуний нуқтани қўйди.
Уларнинг чорак финалдаги рақиби Филадельфияда Парагвайни 1:0 ҳисобида мағлуб этган Франция терма жамоаси бўлади. Учрашувдаги ягона голни 70-дақиқада пенальтидан Килиан Мбаппе киритди. Эътиборли жиҳати, ушбу учрашувни Илгиз Танташев бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси бошқариб борди.
Марокаш — Франция учрашуви Тошкент вақти билан 10 июль куни соат 01:00 да бўлиб ўтади. Франция кетма-кет тўртинчи бор жаҳон чемпионатининг чорак финалига йўл олди.
1/8 финалнинг энг кутилмаган натижаси Ист-Ратерфордда қайд этилди. Норвегия терма жамоаси Бразилияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг чорак финалига йўлланма олди. Норвегияликларнинг иккала голига ҳам юлдузли ҳужумчи Эрлинг Ҳоланд (79 ва 90-дақиқалар) муаллифлик қилди. Бразилияликлардан Неймар ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда (90+10) пенальтидан фақат битта жавоб голини ура олди, холос.
Яна бир драматик баҳс Мехикода бўлиб ўтди. Унда Англия терма жамоаси мусобақа мезбонларидан бири — Мексикани 3:2 ҳисобида таслим этди. Инглизлар таркибида Жуде Беллингем (36 ва 38-дақиқалар) дубль қайд этган бўлса, Ҳарри Кейн (60-дақиқа, пенальтидан) жамоасининг учинчи голини урди. Мексика сафида Хулиан Киньонес ва Рауль Хименес биттадан тўп киритишди.
Энди ярим финал йўлланмаси учун навбатдаги жуфтликда Норвегия ва Англия терма жамоалари ўзаро куч синашадилар.

Изоҳлар мавжуд емас